Стилист ва дизайнер Николай Нам билан суҳбат
27.04.2017
Соч модасида ўзининг ижодкорона ёндашуви билан танилган Николай Нам эришган ютуқлари билан чекланмасликка қарор қилди. Пойтахтимизнинг энг севимли стилистларидан бири бўлган Николай Нам яқиндагина ўзини либос дизайнери сифатида ҳам намоён этди. У бизнинг блогимиз учун берган интервьюсида аёл гўзаллиги, тўғри овқатланиш ва ўз карьераси ҳақидаги саволларимизга жавоб берди.
Сизга кўпгина таниқли шахслар ўз гўзалликларини ишонишади. Муваффақиятларингизнинг сири нимада, деб ўйлайсиз?
Мижозларимга ишонадиган бўлсам, унда ҳамма гап менинг ёқимтойлигимда. Агар жиддий гапирадиган бўлсам, бу маҳоратим ва мунтазам ўз устимда ишлашимдадир.
Сизнинг стилист сифатидаги карьерангиз қандай бошланган? Дизайнерлик лойиҳаси -чи?
Мактабда ўқиб юрган даврларимданоқ шу йўлдан боришимни билар эдим ва шунинг учун ҳеч қачон ўз танловимдан қайтмаганман ва афсусланмаганман. Менга чиндан ҳам гўзалликни яратиш ёқар эди. У вақтларда менинг доимий машғулотларим семинарлар, тренинглар, кўргазма ва танловлар ўтказишдан иборат эди. Аслида ҳозир ҳам деярли ҳеч нарса ўзгармади – мен ҳали-ҳануз ҳар куни ўрганишда давом этаяпман. Аммо бир неча йил олдин “қироллик камлик” қилаётганини тушуниб етдим ва ўзимни либос яратишда синаб кўришга қарор қилдим. Ахир шундоқ ҳам мода саноатида кўп йиллардан бери “яшаб” келмоқдаман.
Машҳур инсонлар ва оддий мижозлар билан ишлашнинг бир-биридан фарқи борми?
Шахсан мен учун ҳеч қандай фарқи йўқ. Менинг олдимга келган ҳар қандай инсон ишимни яхши уддалашимга ишонса бўлди. Лекин шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, одамлар ўз мавқеларини суистеъмол қила бошлашларини умуман ёқтирмайман.
Ташқи кўринишингизни қандай сақлаб турасиз? Саломатлик ва услубнинг сири нимада?
Бу менинг ҳолатимда бироз ноқулай савол. Бу шунчаки ортиқча вазн билан доимий кураш демакдир. Шундай экан, соғлом овқатланиш ҳақида мен орқаворотдан эмас,бевосита кўп нарса биламан.
Кундалик ҳаётда гўзалликни сақлаш учун аёлларга қандай тавсиялар берасиз?
Энг аввало, бу ишни чин юракдан бошлашни маслаҳат бераман, ахир ички гўзаллик ташқи чиройдан анча-мунча муҳим.
Сиз соғлом ҳаёт тарзига амал қиласизми? Қаддингизни меъёрида сақлаш учун тренажёр залларига борасизми?
Ҳа, аммо ростини айтганда, соғлом турмуш тарзим ҳақида одатда баҳор фаслига яқин эсга оламан. Машғулот заллари мен учун (ростини айтаман) – бу “кичкина ўлим” деган гап. Чунки бунда нафақат вазн билан, балки ўз-ўзинг билан ҳам курашасан.
Қандай кўринишимиз тановул қилаётган нарсамиз билан боғлиқми? Сиз нимадан ҳеч қачон воз кеча олмайсиз?
Ҳа, албатта! Пишириқлардан ўзимни тия олмайман – бу менинг нозик тарафим.
Ўзига қараб юрадиган аёлнинг олдида доим нима бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?
Ўзига қараб юрадиган аёл доим яхши кайфиятда ва ёнида ойна олиб юриши керак.
Стилистликда асосан сизга нима жуда ёқади?
Стилистликда менга ҳаммасидан ҳам кўпроқ яхлит образни яратиш жараёни ёқади. Бу мен учун инсоннинг нафақат ташқи кўриниши, балки, унинг ички дунёсини ҳам ифодалашда катта имкониятидир.
Баҳор-2017 мавсумида асосий гўзаллик трендлари қайси бири?
Ҳозирги асосий трендлар – бу турли хилдаги пешанагажак ва соч ўримларидир. Соч рангига келадиган бўлсак, ҳозирда совуқ ранглар афзалроқ. Либослардаги трендлар эса ноодатий силуэт, ўзига хос матолар, безак нусхалар, кашталардир. Ва энг асосийси – ҳар қандай либос шунчаки чиройли ва урфдаги бўлиб қолмасдан, балки, қулай ҳам бўлишини унутмаслик лозим. Қулайлик ҳозирда муҳим ўрин тутмоқда.
Сизнингча, нима урфдан ҳеч қачон чиқмайди?
Мен модани фақатгина қандайдир ташқи омиллар эмас, балки, бизнинг маданиятимизда бир неча йиллар, ҳаттоки юз йилликлар давомида шаклланган маълум бир қадриятлар деб ҳисоблайман. Ишонаманки, ҳар доим назокат, енгиллик, инсоннинг ўзига хослиги ва яратувчанлик модадан чиқмайди.
Сайтимиз ўқувчиларига қандай тилакларингиз бор?
Мен ўқувчиларимизга доимо кўнглида баҳорий кайфият, ўз гўзаллигини намоён этиш ва қиёфасини ўзгартиришга ҳар доим истак бўлишини, шунингдек, албатта, хонадонларига осойишталик тилаб қоламан. Чунки тинчлик бор жойда ижод бор.
facebook: https://www.facebook.com/profile.php?id=100003473433851
instagram: https://www.instagram.com/the____mix/
Асосий тенденцияларни makeup.uz билан бирга кузатинг. Бизни маслахатларимиз ва ечилиш улулларимизни бошкаларга курсатинг , ҳамда нашрларимзга ўзизни фикрингизни изоҳларда тўлдиринг! Телеграм-каналимизга , facebook ва instagram га аъзо бўлинг.