Настя Миляева: шампунни қандай қилиб тўғри танлаш мумкин?
30.11.2016
Стилист Настя Миляева New York Fashion weeks, Paris Fashion Week, Mercedes-Benz Fashion Week Russia, Bosco Fashion Week, In style the Show, VOGUE Fashion’s Night Out ларнинг доимий иштирокчиси. Vogue, Harpers Bazaar, Elle, Cosmopolitan Russia Magazin, Glamour, O’K Magazine ва бошқа журналлар билан ҳамкорлик қилади.
Анастасия биз билан суҳбатлашишга ва ўзининг соч парвариши ҳақидаги сирлари билан ўртоқлашишга розилик берди.
- Настя, Сиз ҳеч Ўзбекистонда бўлганмисиз? Пойтахт Тошкент шаҳри, ёки меъморчилик ёдгорликлари бўлган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари ҳақида эшитганмисиз?
Афсуски гўзал мамлакатингизда бўлмаганман. Лекин у ерга сафар қилиш ниятим бор.
- Сизга мезбонлик қилишдан хурсанд бўламиз!
- Сочларни ёз мавсумида парваришлаш қиш мавсумида парваришлашдан фарқ қиладими?
Албатта, сочлар ва бош териси мавсумга қараб турли парваришни талаб этади. Буни юз терисининг парвариши билан қиёслаш мумкин. Ёз фаслида енгилроқ кремлардан фойдаланилади, кўпроқ ювиниш, ва табиийки spf ҳимоя (қуёш нурлари таъсиридан ҳимоялаш) ни кучайтиришга талаб ошади. Сочлар билан ҳам ҳудди шундай. Жазирамада сочларни тез-тез ювишни ва сочларни куйиб кетишдан сақлайшни хоҳлаймиз. Қуёш нафақат сочлардаги пигментларни куйдиради, балки улардаги намни ҳам қуритади. Шунинг учун мен енгилроқ ва намлантирувчи шампунь ва кондиционерларни қўллашни тавсия этаман.
Қишда эса аксинча, терига парвариш етишмайди, қуюқроқ кремлардан фойдаланишни хоҳлаймиз. Сочлар учун ҳам мен купроқ интенсив маҳсулотларни, ниқоб ва ёғлар каби қўшимча парвариш воситаларини қўллашни маслаҳат бераман.
Лекин юқорида айтиб ўтилган воситаларни барча дардга даво бўлади, деб айтиб бўлмайди. Чунки бош териси ва соч тузилишининг индивидуал хусусиятларини инобатга олиш керак! Албатта сочларга шакл бериш (укладка) ва уларни бўяшни унутманг! Шунинг учун сочларнинг «хулқ-атворига» эътибор берган ҳолда нафақат сизга гўзаллик бахш этувчи, балки сочларингизни муносиб тарзда қувватлантирувчи парвариш воситаларини танланг.
- Сизнингча бугунги кунда замонавий инсон қайси воситаларсиз сочларини парваришлай олмайди?
Жуда ҳам риторик савол. Бу ҳар бир инсоннинг асосий талабларига боғлиқ. Кимдир ташқи кўринишга, яъни махсус эффектга кўпроқ эътибор беради, кимгадир эса сочларни тактил ҳис этиш муҳим. Шундай бўлса ҳам, мен минимал тўплам шампунь, кондиционер ва ювилиб кетилмайдиган парвариш воситасидан иборат, деб ўйлайман. Бу 3 воситасиз сочларни парваришлаб бўлмайди. Улар соч сифатини муносиб даражада сақлашга ёрдам беради. Албатта, соч парваришида аниқ вазифани бажарувчи ниқобни ҳам унутмаслик керак.
- Шампунни қандай қилиб тўғри танлаш мумкин?
Бу сочларингиз/бошингизни нима учун ва қанчалик тез-тез ювишингизга тўғридан-тўғри боғлиқ. Агар бошингизни ювиш, уйқудан уйғониш, ўзингизни тетик ҳис қилиш ва сочларга шакл бериш (укладка) учун ҳар куни бажарадиган одатингиз бўлса, мен кўпроқ намлантирувчи ва унчалик интенсив бўлмаган воситалардан фойдаланишни, ёки уларни махсус (масалан, ҳажм берувчи) шампунлар билан галма-гал ишлатишни тавсия этаман.
Чунки бундай ҳолатларда тери себумнинг бош терисини озиқлантириш ва ҳимоя қилиш учун етарли миқдорини ишлаб чиқаришига улгурмаслигини тушунаман. Агар мижоз бошини бир неча кунда бир марта ювса, мен бош териси учун шампунь танлайман, чунки айнан тери бизни бош ювишга мажбур қилади. Сочлар тери каби тез кирланмайди. Бироқ, баъзи ҳолатларда шампунь идишидаги ёзув (айниқса рус тилидаги таржимаси) инсонларни “соч учун шампунь/шампунь для волос” каби жумла билан чалғитади. Бундай шампунлар “махсус эффект” ни беради ва бош терисини парвариш қилувчи воситалар эмас.
- Нима учун соч кондиционери/бальзамидан фойдаланиш муҳим? Унинг ниқобдан нима фарқи бор?
Аслида сочларни кундалик парвариш қилаш учун кондиционер ва бальзамлардан фойдаланишни ҳаммага ҳам тавсия этмайман. Чунки, агар ёш қиз ёки йигитнинг сочлари калта, табиий (бўялмаган) ва соғлом бўлса кондиционердан фойдаланишни мақсадга мувофиқ деб ўйламайман. Бундай ҳолатларда ювилиб кетмайдиган парвариш воситасининг ўзи етарли. Лекин сочлардаги бирор-бир шикастланишни кўришим билан, албатта бундай воситалар лозим бўлади. Чунки сочлар тери каби ўзини қайта тиклай олмайди. Шунинг учун кондиционер ва бальзамлар йўқотилган элементларнинг ўрнини тўлдира оладиган воситалардир.
Ниқоб ва бальзамлар орасидаги фарқга келганда, улар бир-биридан фарқланувчи натижаларни бериши ва уларни ҳар доим ҳам бир-бирининг ўрнига ишлатиб бўлмаслигини тушунишимиз керак. Чуқур таъсир этувчи ниқоблар сочларни фойдали элементлар билан тўйинтиришга мўлжалланган, улар сочларга сингишига ва соч тўқимини тўлдиришига вақт талаб этилади (айнан шунинг учун ҳам деярли барча ниқоблар 15-20 дақиқа давомида қўлланилади, бундай ҳолатда иссиқ/илиқ ҳаво катализатор вазифасини бажаради). Шунингдек ниқоблар соч пўстлоғини тўлдириш вазифасини бажармайди ва сочларга силлиқлик берса ҳам, кутикула очиқлигича қолади. Тўлдириш вазифасини айнан бальзам ва кондиционерлар бажаради. Уларнинг асосий вазифаси сочга юзада, тез ва тўлдирувчи ишлов бериш. Айнан шунинг учун ниқоб қўлланилгандан сўнг 90% ҳолатларда кондиционер қўллаш лозим.
- Бизнинг мухлиса ўқувчиларимизга тилакларингиз/маслаҳатларингиз?
Мен ҳар доим бир хил маслаҳат бераман – нима қилаётганингиз ва нима учун қилаётганингизни ўйлаб кўринг! Шунда ҳамма ишларингиз яхши бўлади). Агар ўзингизга нисбатан ростгўй бўлсангиз, ҳар доим ўзингизга нима кераклигини биласиз. Мен ҳар доим бир мисолни келтираман: агар сиз бирор тадбир ёки меҳмонга кетаётган бўлсангиз сизнинг энг яхши дўстингиз юзингиз камчиликларини беркитиб, чиройингизни янада очиб берадиган визажистдир. Аммо соғлиғингиз ҳақида ўйласангиз, сиз учун парвариш тартибини ишлаб чиқадиган, терингизни кузатиб борадиган ва вақт ўтиши билан парвариш тартибига ўзгартириш киритиб борадиган косметологга мурожаат этасиз. Сочлар билан ҳам айнан шундай! Стайлинг – бу сизнинг пардозингиз, уни ҳар бир қиз/аёл қўллайди, аммо парвариш – бу сочларингизнинг соғлиғи ва келажакдаги ҳолатидир. Маҳсулотларнинг тўғри комбинацияси эса сизга ҳеч қандай қийинчиликларсиз гўзал бўлишингизга имкон беради! Эсингизда тутинг, ёмон сочлар бўлмайди, сиз ҳали уларни тайёрлай олмайсиз, холос). Уйғунликда бўлинг, ахир бу ҳар бир шахснинг асл гўзаллиги–ку.
