Белла Гатаулина билан суҳбат
18.05.2017
Тошкент клуб маданиятининг ёрқин намоёндаларидан бири – диджей Белла. Ўзини “олмахон” деб атовчи ва бу тахаллус орқали фаоллиги, нозик ва жўшқинлигини кўрсатувчи қаҳрамонимиз Белла бизнинг блогимизга берган интервьюсида диджейлик касби, пардоз-андоз ва мусиқа ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Диджейлик аёлларга хос бўлмаган касб. Сиз бу касбни қандай танладингиз ва нима учун?
Мен ҳар доим рақсга тушишни яхши кўрганман. Шу боис Республика Эстрада - цирк коллежининг хореография факультетини тамомлаганман. Рақс ва мусиқа бир бутун, уларни бир-биридан ажратиб бўлмаслигини жуда яхши тушунаман. Мен “go-go” рақс ансамблида ишлаганман. Шундай пайт келдики, ҳар доим югуриб-елишлардан дам олишни хоҳладим ва вақтинча ишламадим. Лекин бу хоҳишим уч кундан ошмади, чунки ишсиз ўтира олмас эдим. Охири диджейликни ўрганишга қарор қилдим, ҳамкасбимдан бу ишни ўргатишини сўрагандим, у рози бўлди. Бошида жуда ҳам ҳаяжонли эди. Тўғрисини айтсам, баъзида ҳозир ҳам ҳар бир чиқишим олдидан жуда қаттиқ асабийлашаман.
Мусиқа оламида сиз ҳавас қилган ижодкор борми?
Тўғриси, менда унақаси йўқ. Албатта, менга кўп мусиқачилар ёқади, уларнинг ижоди, куйларидан завқ оламан, лекин уларга тенглашишга ҳаракат қилмайман. Ҳозирда менинг асосий мақсадим – бу соҳада ўз ўрнимни топиш ва ҳақиқатан ҳам тўғри танлаганимни тушуниб етишдир. Аммо бир нарсани аниқ биламанки, мен ўз ишимдан жуда роҳатланаман, бу эса жуда зўр!
Аёл-диджейларнинг ўзига хослиги нимада деб ўйлайсиз? Эркак ҳамкасбларингиз сизни аёл сифатида раъйингизга қарашадими?
Ҳеч қандай раъйга қараш йўқ. Аксинча, ҳамкасблар томонидан муносабат ўзгача, танқид эса жуда кескин. Аслида, аёл диджей бўлиш жуда ҳам қийин. Сени кўпчилик жиддий қабул қилмайди. Қанчалик ҳаракат қилсанг ҳам, мақтов эшитмайсан. Аммо ижобий томонлари ҳам бор. Аёл диджейларни тез-тез турли тадбирларга чақиришади. Бу, албатта, маркетинг. Демак, бундан хафа бўлмаса ҳам бўлади.
Яқинларингизнинг танлаган касбингизга муносабати қандай?
Барча яқинларим менинг ҳар қандай танловимни қўллаб-қувватлашади. Улар диджейлик касбимнинг менга қанчалик завқ беришини кўриб туришибди. Албатта, уларни қониқтирмайдиган тарафлари ҳам бор – бу менинг иш вақтимдир. Яъни иш вақтим оила аъзоларимникидан бутунлай фарқ қилади. Чунки улар энди уйғонаётганда, мен ухлашга ётаётган бўламан. Ўйлайманки, мана шу ҳолат оиламизга озгина ноқулайлик туғдиради.
Қиёфангизни қандай яратасиз? Бунда нимага асосланасиз? Кийинишда сизнинг севимли услубингиз қайси?
Саҳнадаги пульт ёнида иложи борича ёрқин, бироз қўпол ва жозибали кийинишга ҳаракат қиламан. Кўпчилик бу костюмлар, корсетлар ва бошқалар нимага кераклигини тушунишмайди. Лекин, диджей биринчи ўринда мусиқанинг эшитимли бўлишини таъминлаши, омма учун сифатли мусиқани танлай олиши ва уни тўғри йўналтира билиши лозим. Аммо ташқи кўриниш ҳам жуда муҳим, айниқса, аёллар учун. Кийинишда мен қулайлик ва жозибадорликни афзал кўраман. Масалан, джинси, устки кийим ва кедалар. Булар жуда оддий ва қулай!
Агар сизнинг макияж учун беш дақиқа вақтингиз бўлса, нима қилган бўлардингиз?
Қошларимни чизардим, лабларимни шаклга солардим, уларга озроқ ялтироқ лаб бўёғи суриб, яноқларимга пушти-қизил ёғупа урардим.
Кунингизни қандай бошлайсиз ва уни нимасиз тасаввур қила олмайсиз?
Кунимни бир стакан илиқ сув билан бошлайман. Кунни тиниқиб ухлашсиз тасаввур қила олмайман. Агар мен яхши ухлай олмасам, куним бекор ўтди, деяверинг. Мусиқасиз ҳам кунни тасаввур қилиш қийин. Аммо баъзи пайтларда жимжитликда кечаю -кундуз ётишни истаб қоламан! Шунингдек, кунимни оптик линзаларсиз ҳам тасаввур қила олмайман. Уларсиз мен худди кўзи ожиз мушукчага ўхшаб қоламан.
Сизнинг пардоз - андоз сумкангизда доим нима бор?
Пардоз-андозларга жуда берилмайман. Уларга бамайлихотир, ортиқча фанатизмларсиз ёндашаман. Доимо пардоз-андоз воситалари учун сумкамда Maybelline дан тушь, KiKi дан ялтироқ лаб бўёғи, MaxFactor Lasting Performance ранг берувчи асос ва Garnier дан макияж ўчириш учун икки қатламли суюқлик бўлишига ҳаракат қиламан.
Сиз учун гўзаллик намунаси ким?
Бу саволга жавоб бериш қийин, чунки дунёда гўзал аёллар кўп! Уларни узоқ санаб ўтиш мумкин, аммо мен айниқса, Одри Хепбёрн, Мерлин Монро, Анджелина Джоли ва Моники Беллуччининг гўзаллигига қойил қоламан. Эркаклардан эса Данила Козловский жуда ҳам келишган.
Эркаклар билан танишганда, нимага эътибор қаратасиз?
Тарбиялилиги, ўзига ишончилиги, ҳазил-мутойибани тушуниши ва эркакларга хос жиҳатларига эътибор қаратаман. Журъатсиз, тортинчоқ, бачкана, зерикарли ва характерга эга бўлмаган эркаклар мени қизиқтирмайди.
Совғага нима олишни хоҳлайсиз?
Аслида ҳамма қатори менга ҳар қандай совға ёқади. Ахир бу – эътибор белгиси. Англадимки, анъанавий тарзда менга кўпроқ гуллар ва атирлар совға қилишар экан!
Сиз қоматингизни қандай сақлайсиз? Парҳез ёки машқлар ёрдам берадими?
Ҳеч қандай машқлар ва парҳезсиз. Авваллари мен тўлароқ эдим, қишда эса 8 кг га оздим. Иш билан машғул бўлганингда, овқатланишга вақт ҳам бўлмайди. Бир кунда бир марта овқатланишга тўғри келади. У ҳам бўлса, ишдан кейин, тонг олдидан ейиш. Ширинликлар ва нонни хуш кўрмайман – бу борада омадим келган. Жуда кўп кўкатлар, саримсоқ пиёз, пиёз ва кўплаб мазали ҳамда фойдали нарсаларни истеъмол қиламан.
Муштарийларимизга тилакларингиз борми?
Ҳурматли аёллар, энг аввало ўзингизни севинг! Бу жуда ҳам муҳим! Ўзингизни кўп ҳам койиманг, чунки ҳар бир аёл ўзгача чиройли. Ўз танангизни тинглай олинг ва нима хоҳласа шуни беринг. Спорт билан шуғулланинг, севган мусиқангизни тингланг, рақсга тушинг ва тез –тез табассум қилинг.
facebook: https://www.facebook.com/bella.gataulina.3
instagram: https://www.instagram.com/djbella_squirrel/
Асосий тенденцияларни makeup.uz билан бирга кузатинг. Бизни маслахатларимиз ва ечилиш улулларимизни бошкаларга курсатинг, ҳамда нашрларимзга ўзизни фикрингизни изоҳларда тўлдиринг! Телеграм-каналимизга, facebook ва instagram га аъзо бўлинг.