Қишги маҳалда педикюр: бу кимга керак
09.01.2017
Батартиб педикюрни фақат йилнинг иссиқ даврида долзарб деб ҳисоблаш қабул қилинган. Бироқ на кузда, на қишда оёқлардаги бармоқларнинг чиройли ва озода бўлишини ҳеч ким бекор қилмаган. Албатта, мураккаб нэйл-артни бирмунча нарига суриб қўйиш керак, бироқ йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъий назар оёқ бармоқларидаги тирноқларни тартибда ушлаш муҳим саналади.
Биринчи навбатда педикюр – бу тирноқларингиз, товонларингиз ва оёқ кафтларингизнинг саломатлигидир. Ҳеч ким сиздан тирноқларингизни тренд рангларга бўяб олишингизни талаб қилмайди, лекин батартиблик доимо нафақат имидж, балки соғлиқ учун ҳам фойдалидир.
Даволовчи ва тўйинтирувчи лаклар, ёғлар ва шифобахш қопламалар қишда ёрқин лаклар учун муқобил бўла олади. Айнан қишда тери тўйинтирувчи моддалардан маҳрум бўлади, ҳароратнинг доимий алмашинуви эса унинг таранглигига ва майинлигига таъсир кўрсатади. Демак, тўйинтирувчи кремлар ва ёғлар, лосьонлар ва ванналар қабул қилиш - қишги давр учун аъло ечим бўла олади.
Бевосита педикюрнинг ўзида тўхталадиган бўлсак, унга қишги даврда эътибор қаратиш нима учун муҳим эканлиги ҳақида ҳикоя қиламиз. Биринчидан, бармоқларингизни ҳали ҳеч ким кўриб улгурмасидан, тирноқ пластинаси шаклини мукаммаллик даражасигача етказиб, тартибга келтириш мумкин Иккинчидан, ўсган тирноқ, товон ёрилишлари, қуриб қолган оқ кафтлари ёки қадоқланган қавариқ кўринишидаги ёқимсиз кўринишлар каби муаммоларни ҳал қилиб олиш мумкин. Бунинг учун педикюр бўйича устага мурожаат қилишингиз ёки барча зарур нарсаларни уй шароитларида ўзингиз ҳам қилишингиз мумкин. Усталар сўнгги вақтда кўпроқ аппарат билан педикюр қилишга суянмоқдалар (бу ҳақида эса яқин орада батафсил ҳикоя қиламиз). Тирноқлар билан ишлашнинг айнан шу тури - тирноқ ўсиб кетишига йўл қўймайди ва оёқ кафтларини тартибга келтириб қўяди.
Уй шароитларида педикюр билан шуғулланишга қарор қилган бўлсангиз, асосий қоидани эслаб қолинг: агар тирноқларингиз ёки уни ўраб турувчи тери билан нима содир бўлганини аниқ билмасангиз, “ортиқча нарсадан қутилиш”нинг кераги йўқ. Оёқ терисини буғлантириб, кўпчилик дарҳол “ортиқча” нарсаларни кесиб ташлашга киришади, сўнгра ўзига ўзи етказган жисмоний жазодан қийналиб юради . Ёдда тутинг: мақсадингиз тана қисмларини кесиб ташлаш эмас, балки тирноқларингизга пардоз бериш, терининг қўпол участкаларига пемза билан ишлов бериш ва товонларингизни соғломлаштиришдан иборатдир. Ахир терининг асосий муаммоси – унинг қуриб қолишидир. Кичикроқ тоғорага сув қуйиб, унга совун қириндиси ва икки томчи эфир ёғини қўшинг, беш-ўн дақиқа унга оёқларингизни солиб ўтиринг, сўнгра ўзингизга енгил педикюр қилиб, оёқ кафтларингизга крем суртиб, иссиқ пайпоқ кийиб олинг. Мазкур муолажани доимий равишда қилиб турганлигингиз учун оёқчаларингиз сизга йилнинг илиқ вақтида ўзининг чиройлилиги ва соғломлиги билан жавоб қайтаради.