Биз сизларга ваъда берган сартарошлар танловидан репортажимизни ҳавола этмоқдамиз.
Қадрли Makeup.uz ўқувчилари! Биз сизларга ваъда берган сартарошлар танловидан репортажимизни ҳавола этмоқдамиз.
5 – 6 декабрь кунлари Ёшлар Ижод саройида Ўзбекистон сартарошлар ва косметологлар уюшмаси томонидан сартарошлар ўртасида кўрик – танлов бўлиб ўтди.
Танлов икки кун давом этди. Биринчи куни республикамизнинг энг таниқли сартарошлари беллашган бўлса, иккинчи кун ёш сартарошлар танлови бўлди.
Ўзбекистон сартарошлар ва косметологлар уюшмаси 2008 йилда ташкил топган. Шу вақт мобайнида республика бўйича уюшма стилист ва сартарошларни шакллантириб келмоқда. Ҳар хил танловлар ва маҳорат дарслари орқали уларнинг тажрибалари орттириб келинаяпти.
5 – 6 декабрда Ёшлар Ижод саройидаги гўзаллик чемпионати сартарошлар орасида чинакам баҳс майдонига айланди. Бир йилда икки марта ўтказиладиган ушбу танлов ғолиблари саралаб олинди.
Биринчи кунги танлов сартарош – стилист ва тирноқ усталари орасида ўтказилди. Бу танловда қатнашган 50 нафар аёллар ва эркаклар сартарошлари ўртасидаги баҳс жуда қизғин бўлди. Биринчи кун ғолиблари асосан профессионал усталар бўлиб, аёллар ва эркаклар сартарош – стилистлари орасидан 10 нафардан ғолиб аниқланди. Шунингдек, 10 нафар энг зўр тирноқ усталари эълон қилинди.
Танловнинг иккинчи кунида ҳаваскор, коллеж ва лицей ўқувчи стилист – сартарошлари иштирок этди. 50га яқин Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган ёшларимиз танловдан олдин ўзларига бириктирилган иш столларини эгаллашди. Барчада ҳаяжон... Кўпгина ёшлар биринчи бор бундай нуфузли танловда иштирок этишаётган эди.
Бундай танловларни ўтказишдан мақсад – ёшларнинг бекор юрмасдан, бирор ҳунар эгаси бўлишига қизиқтириш, ҳар йили куз ва қишда Санкт – Петербургда бўладиган халқаро танловга саралаш босқичидир. Биринчи ва иккинчи ўрин эгаларига халқаро танловга йўлланма берилади. Қолган иштирокчиларнинг ҳар бири эса ўз касбининг устаси бўлишга интилади. Чунки яхши сартарошлар ҳамма жойда керак.
Эркак сартарошларга қўйилган танлов талаблари - ҳозирда урф бўлган пастдан тепага қараб ёки сартарошлар тили билан айтганда “нолдан бошлаб” соч турмагини яратиш, соқолининг ҳар битта чизиғи текис жойлашиши, толанинг қайси томонга ўсиб турганига қараб ишлов берилганлигига баҳо берилди.
Аёллар сартарошларига қўйилган талаблар эса кўпинча салонда ишлатиладиган соч турмакларини намойиш қилишдан иборат эди. Шунингдек, тирноқ усталарига қўйилган шартлар - тирноқларни парваришлаш, маникюр бўйича ҳам маҳоратларини кўрсатишдан иборат бўлди. Яна бир шарт – бу тўлиқ тугалланган қиёфа, бунда нафақат соч турмаги, балки оёқ кийимигача бир – бирига мос келиши керак.
Профессионал сартарошлардан кўра, ёш ҳаваскор сартарош – стилистларга қўйилган талаблар бироз енгилроқ бўлди. Чунки улар бу соҳага энди кириб келишаётгани ҳисобга олинди.
5 – декабрда танловда ғолиб бўлган 10 нафар иштирокчилар саҳнада муаллифлик – шоу ишларини намойиш қилишди. Айниқса, Муротов Аббоснинг ишлари барчанинг олқишига сазовор бўлди. Танловда ғолиб бўлган Навоий, Бухоро вилоятлари сартарош – стилистлари, Тошкент вилояти Янгийўл тумани ғолибларининг намойишлари ҳам юқори баҳоланди. Танлов ғолибларига Ўзбекистон сартарошлар ва косметологлар уюшмасининг диплом ва медаллари, ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда халқаро танловга йўлланма берилди.
6 – декабрда бўлиб ўтган танловда иштирок этаётган ва қатнашаётган ўғил болаларнинг аксариятини фейд йўналишидаги соч турмагида кўрдик ва уларнинг кийимлари ҳам замонавий. Бу бизнинг эътиборимизни тортди ва бу борада фикрларни билиш мақсадида уюшма арт – директори Шерзод Ўринбоевни суҳбатга тортдик.
- Шерзодбек, замонавийлик яхши, лекин бу ёшларимизнинг тарбияси ва кийиниши, юриш –туришига салбий таъсир қилмайдими?
Танловга келаётган ёшларимизни кўриб, қайси бири сартарош, қайсиниси модельер эканини ажратолмай қолдим. Бизни қувонтирадигани, уларнинг аксарияти 30 ёшдан ошмаган. Гарчи соч турмаклар замонавий бўлса-да, стилистларимиз миллийлигимизни сақлаб қолишган. Бу танлов талабларидан энг муҳими. Чопон ва дўппиларда чиққан ўғил – қизларимизни кўриб, кўзингиз қувнайди. Қадимий Бухоро, Хоразм урф –одатлари, кийимлари сақланиб қолганлигини барча гувоҳи бўлди. Айниқса, фейд йўналишдаги соч турмагига стилистларимизнинг миллий кийимларни уйғунлаштирганини кўриб, биз ҳайъат аъзолари ҳам ҳайратга тушдик. Демак, барчаси стилист ва дизайнерларимизга боғлиқ. Замонавий соч турмагида бўлса-да, йиртиқ жинси кийган ёки кийими ўзига осилиб турган йигит – қизларимизни учратмадик.
10 дан ортиқ ҳайъат аъзолари, жумладан, Саъдулла Шарипов, Абдували Орифхўжаев, Шуҳрат Шукуровлар жуда синчковлик билан ёш сартарошлар ишини кузатишди ва баҳолашди. Чунки бундай танловларда адолатлилик жуда муҳим.
Танловни кузатиб турганимизда эътиборимизни “Тошкент” телеканали “Санамжон” кўрсатувининг доимий ҳайъат аъзоси, стилист Содирбек Акромовни учратдик ва суҳбатга тортдик.
Содирбек, мана шу танлов ҳақида гапириб берсангиз?
Ўзим мана шу уюшмада 9 йилдан бери аъзоман. Иш тажрибам 10 йил. Ўзбекистондан халқаро танловларда қатнашиб, кўп марта ғолибликни қўлга киритганман.
Ҳар йили икки марта вилоятлар босқичи Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Икки кун мобайнида бўлиб ўтаётган танловда қатнашаётганлар орасидан яхшиларини танлаб, халқаро танловга саралаш ниятидамиз. Кеча битта ғолиб аниқланди ва бугун ҳам ғолибни танлаймиз.
Ва ниҳоят, ҳаяжонли дамлар келди... Ҳайъат аъзоларининг баҳс – мунозараларидан кейин профессионал усталар ўртасида Тўлаганов Маъруф ва ёшлар ўртасида Жабборов Суннатилла биринчи ўрин соҳиблари бўлишди.
Мана энди ғолиблар халқаро танловда юртимиз шаънини ҳимоя қилишади. Ғолибларимизни фахрли ўринлари билан табриклаймиз! Сиз эса бизнинг саҳифаларимизни доимо кузатиб боринг!
Тафсилотлар билан журналист Гавҳар Саодатова бўлди.