Эркаклар сартароши семинари
07.12.2017
Ўзбекистон сартарошлар ва косметологлар уюшмаси томонидан ташкил қилинган эркаклар сартароши семинарида республика бўйича 50 нафар сартарош – стилистлар иштирок этди. 2 декабрь куни соат 10.00дан 17.00гача бўлиб ўтган ушбу семинар жуда қизиқарли тарзда ўтди.
Ҳозирги кунда барча соҳаларда катта ўзгаришлар рўй бераётганидек, гўзаллик борасида ҳам янгиликлар кўп. Илгарилари эркаклар сартароши шунчаки соч – соқолни тартибга солиш деб тушуниларди. Тўй – ҳашам, учрашувларга асосан аёллар макияж ва стилистларга мурожаат қилишарди. Эндиликда эса эркаклар ҳам бу борада қолишмайди. Чунки чиройли кўринишга эга бўлиш эркакми, аёлми, бу жуда ҳам ёқимли. Авваллари асосан санъаткорлар бу борада олдинда бўлишса, ҳозирда ишбилармонлар, бизнесмен, телевидение бошловчилари қўяверинг, барча соҳа эркаклари ҳам ўз имиджларига эга бўлиб боришмоқда. Эркаклар имиджи ҳам аёлларникидек, санъат даражасига кўтарилиб бормоқда. Эркакларнинг замон талабига хос тарзда кийиниши, соч турмаги, соқолининг тартиблилиги, сепадиган атиридан тортиб, бош кийимигача маҳоратли стилистлар ва дизайнерлар томонидан тартибга солинади. Албатта, бу борада эркаклар сартароши ҳам ўз устида ишлаши, изланиши талаб қилинади.
Кўпчилик эркаклар сартароши асосан эркаклардан иборат бўлса керак, деб ўйлашади. Аммо, бўлиб ўтган семинарда 3-4 нафар аёл эркаклар сартарошини ҳам учратдик. Бу эса санъатнинг чегара билмаслигидан далолатдир. Семинар асосан таниқли стилист – сартарош Абдували Орифхўжаев муаллифлигида бўлиб ўтди.
Семинарда ёритиладиган асосий масалалар конкурсга тайёрланаётган турмаклар, фейд йўналишида олинадиган соч турмаги бўйича маҳорат дарси, соқол – мўйловни чиройли шаклга келтириш ва асосан тажриба орттиришдан иборатдир. Республикамизнинг барча вилоятларидан сартарошлар чақирилган. Семинардан асосий мақсад - янгилик олиш, соҳага бўлган янгиликларни ўзлаштириш, суҳбатлашиш ва фикр алмашиш.
Абдували Орифхўжаев 2017 – 2018 йилларнинг энг хити бўлган “фейд” йўналишидаги соч турмагини семинар иштирокчиларига ўргатди. Тепаси узун ва атрофи махсус сартарошлар машинкасида олинадиган бу турмак жуда ҳам урфда. Лекин буни орзу қилгани билан ҳамма йигитлар кўринишига ҳам мос келавермайди. Бу турмакни танлаганда албатта, юз шакли ва соч тури жуда ҳам муҳим. Шу боис ҳам бу турмак кўпроқ сочи қалин йигитларга жуда ярашади. Абдували Орифхўжаев кўрсатиб берган ушбу турмакни бажаришда сочни қандай олиш, унда ишлатиладиган қайчи ва машинкалардан тўғри фойдаланиш борасида кўплаб савол – жавоблар бўлиб ўтди ва бошқа сартарошлар ҳам шу жойнинг ўзида мана шундай турмак яратишга киришишди.
Қолаверса, стилист – сартарошлар сочни парваришлашда ва уни ювишда кўпроқ таниқли косметик брендларга мурожаат қилишни тавсия қилишди. Тепасида сочи кам йигитларнинг камчиликларини яшириш, соч тўкилишига оид косметика воситаларидан фойдаланиши муҳим ва буларни албатта, мутахассислар яхши билиши керак. Демак, бугунги кун сартароши нафақат, сочни олишни билиши, балки, уни парваришлашда ҳам кўмаклашиши лозим.
“Ҳозир кўпчилик соч олишни билсам бўлди, деб ўйлашади, лекин унақа эмас. Сартарош нафақат соч ола билиши, балки, инсонларнинг кўнглини ҳам ола билиши лозим, - дейди семинар ташкилотчиси, халқаро танловлар ғолиби Баҳром Умаров. Агар бу нарса қўлидан келмас экан, уни мукаммал сартарош деб бўлмайди. Биз ҳозирда эркакларнинг сочидан тортиб, оёқ кийимигача бўлган жараён билан иш олиб бораяпмиз. Шунингдек, йигитларни висол оқшомига тайёрлаш ҳам жуда қизиқарли ва масъулиятли жараён.
Сартарош – стилистларнинг иши кўплиги ҳисобга олинган ҳолда, семинарни бир кунга мўлжалланганмиз. Бундай семинарлар ҳали жуда кўп уюштирилади. Қолаверса, сартарошларимиз 5-6 декабрь кунлари Ёшлар Ижод саройида бўлиб ўтадиган сартарошларнинг танловига тайёрланишмоқда. Мана шу семинарда иштирок этаётганлардан 10 нафари танловда беллашишади”.
Семинарда ўз тажрибаси билан қатнашаётган Мурод Собитжонов универсал сартарошлардан бири. У аёллар ва эркаклар образини яратишда катта тажрибага эга. Мурод ҳам семинар иштирокчиларига ўз йўналишлари ва янгиликлари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, семинарда сартарошлар ишлатадиган янгича асбоб – ускуналар намойиш қилинди. Улардан тўғри фойдаланиш, тозаликка эътибор бериш каби масалалар ҳам эътибордан четда қолмаслиги таъкидланди.
5 – 6 декабрь куни Ёшлар Ижод саройида эркаклар ва аёллар сартарош – стилистларининг танлови бўлиб ўтади. Саҳифаларимизни кузатинг ва биз албатта, бу борада ҳам сизларга қизиқарли маълумот берамиз.
Гавҳар Саодатова Журналист
Асосий тенденцияларни makeup.uz билан бирга кузатинг. Бизни маслахатларимиз ва ечилиш улулларимизни бошкаларга курсатинг, ҳамда нашрларимзга ўзизни фикрингизни изоҳларда тўлдиринг! Телеграм-каналимизга, facebook ва instagram га аъзо бўлинг.